Search

Уй бўйича мурожаат назоратга олинди

*Муносабат 
Уй бўйича мурожаат назоратга олинди
  Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрининг Вокзал ҳудудида қурилган янги уйлар бўйича лавҳалар тарқалди. 
   Мазкур видеомурожаат вилоят қурилиш бош бошқармаси ҳамда вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мутахассислари томонидан ўрганилди.  
   Маълум бўлишича, видеода айтилган девор кўтарма эмас, балки ажратма (перегародка) девор бўлиб, ушбу иккита ажратма девор бир-бирига яқин жойда жойлаштирилган. Қолаверса, Самарқанд шаҳрида ҳозирги кунда янги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг ҳеч бирида уй-жойнинг 1 квадрат метр майдони 2 миллион 400 минг сўм эмас. Бундан кўриниб турибдики тарқатилган видео кўп йиллар аввал олинган, деган хулосага келиш мумкин. 
   Самарқанд шаҳрининг Вокзал ҳудудида кўп қаватли уй-жойлар ўрганилди ва шу ҳудудда қурилиш билан шуғулланувчи қурувчилар билан суҳбатлашилганда улар мазкур уйлар 2017 йилги лойиҳаларга мос келишини билдиришди. Уйлар ҳам тахминан шу нархларда сотилган. Шунингдек, харидорларга бу ҳақда маълумот берилган ва бу уйларнинг чизмасида ҳам акс этган. Хонадон соҳибларини ҳам бундан хабари бор. Уй эгаларининг аксарияти хонадонларини таъмирлаб, жиҳозлаб яшаб келмоқда. 
   Мутахассисларнинг фикрича, ҳозирги кунда бу каби деворлардан енгил қурилма, овоз ютувчи қурилма (конструкция) сифатида кенг фойдаланилмоқда. Мурожаатдаги ҳолат юзасидан уй-жойнинг лойиҳаси ўрганилгач аниқлик киритилади. 
Мурожаатда ҳолат акс этган уйнинг манзили аниқ кўрсатилмаганлиги сабабли мазкур уйни жойида ўрганишнинг имкони бўлмади. Бу эса лойиҳа қанчалик тўғри бажарилганлигини аниқлашда мураккаблик туғдирмоқда. Шу боис, ҳолат назоратга олиниб, ўрганишлар давом эттирилмоқда. 
Вилоят қурилиш бош бошқармаси ахборот хизмати.